Биргаликда енгамиз!
2020-05-12 00:00:00
Мамлакатимизда каронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилинган карантин кундалик даромад олувчи кўплаб оилаларга ўз салбий таъсирини кўрсата бошлади. Шундай қийин вазиятда давлатимиз раҳбари ҳеч бир оила, ҳеч бир шахс эътибордан четда қолиб кетмаслиги кераклиги, халқимиз жипслашиб, муҳтожларга маҳр-саховат билан ёрдам кўрсатиши мақсадида жорий йилнинг 20 апрел куни “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш ғоясини илгари сурдилар.
Ҳаракатнинг ташкил этилишидан бугунги кунгача бўлган ушбу қисқа муддатда кўплаб вазирлик ва идоралар, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, гигиена воситалари кўринишида беминнат ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.
Халқимиз бир бўлиб кучли ирода билан пандемияга қарши курашмоқда. Мана шу курашга ўз ҳиссасини қўшишни истаган “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси ходимлари ҳам ўз иш ҳақлари ҳисобидан “Маҳалла” фонди ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармасига жами 14 миллион 182 минг 604 сўм маблағ ўтказиб берди.
Биз “Саховат ва кўмак” жамғармаси фаолияти халқимизнинг инсонпарварлик ва саховатпешаликдаги яна бир намунаси бўлиб тарихда қолишига ишонамиз.
Foydali havolalar