Лизинг объектлари мониторингдан ўтказилди

2020-10-09 00:00:00

Мунтазам мониторинг лизинг объектларининг узоқ муддат хизмат қилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонасининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 6 октябрдаги ПҚ-3313-сон қарорида “Ўзмелиомашлизинг” ДУКнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилган.
Мазкур қарорга асосан Корхона мелиоратив ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган қурилиш ташкилотлари, сув хўжалиги эксплуатация ташкилотлари, сувдан фойдаланиш уюшмалари ва фермер хўжаликлари, шунингдек, бошқа ташкилотларга замонавий мелиоратив ва бошқа техника, машиналар, ускуналар ва бошқа механизация воситаларини етказиб бериш билан бирга лизинг объектларининг техник ҳолатини тизимли мониторинг қилиш, мақсадли ва самарали фойдаланилишини ташкил қилиши белгилаб берилган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзмелиомашлизинг” ДУК томонидан тасдиқланган мониторинг жадвалига асосан жорий йилнинг учинчи чораги давомида Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида 300 дан ортиқ лизинг объектларининг техник ҳолати мониторинг қилинди. Мониторинг жараёнида лизинг объектларининг ҳолати, уларнинг мақсадли ишлатилиши, техник кўрикдан ўтказилганлиги, GPS қурилмасинг ҳолати ва ундан фойдаланилаётганлиги, техниканинг “Давтехназорат” инспекциясида рўйхатга олиниши ҳамда моддий жавобгарлик шартномаси тузилганлиги, шунингдек, техник хизматлар кўрсатиш сервис китобларининг юритилиши каби маълумотлар ўрганиб чиқилади.      
Ўрганишлар натижасида лизинг обектлари соз ҳолатда эканлиги, давлат унитар корхоналари ва туман ирригация бошқармалари техникалардан мақсадли фойдаланилаётганлиги аниқланди. “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси етакчи мутахассислари томонидан моддий жавобгарлик шартномасини тузиш, техник хизматлар кўрсатиш сервис китобларини тўғри юритиш, лизинг техникаларини механик-операторларга буйруқ асосида бириктириш борасида масъул ходимларга керакли тавсиялар бериб ўтилди. Шунингдек, мониторинг натижалари маълумот тариқасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этилди.


«Ўзмелиомашлизинг» ДУК
Ахборот хизмати