Тил миллат кўзгусидир!
2020-10-21 00:00:00
“Ҳар бир миллатнинг дунёда
борлиғини кўрсатадургон
ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур”
Абдулла Авлоний
Тил миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Мана шу маънавий бойликни асраш, ривожлантириш миллатнинг юксалиши демакдир. Тилга беэътибор бўлган ҳар қандай миллат албатта таназзулга юз тутади. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Бугун миллат билан бирга яралиб, шонли тарихнинг сокин ва суронли даврларини миллат билан ҳамнафас босиб ўтган, халқимизнинг дарду қувончига шерик бўлган Она каби муқаддас ва азиз бўлган Ўзбек тилига – Давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлди.
Ҳар бир тил ўзининг узоқ тарихига эга бўлгани сингари ўзбек тили ҳам бугунги кунга қадар бир нечта шаклланиш босқичларини босиб ўтган. Олимлар ўзбек тилининг ривожланиш тарихини қуйидаги гуруҳларга бўлишади: қадимги туркий тил, эски туркий тил, эски ўзбек тили ва замонавий ўзбек тили.
Қадимги туркий тил V-XI асрларга тегишли бўлиб, халқ оғзаки ижоди намуналари, Ўрхун-Энасой ёдгорликлари ушбу тилда яратилган.
Эски туркий тил XI-XIV асрларни ўз ичига олади. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону-луғатит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ”, Насриддин Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий” каби асарлар эски туркий тилда яратилган ижод намуналари ҳисобланади.
XV асрдан XIX асрнинг иккинчи ярмигача қўлланган тил эски ўзбек адабий тили деб юритилади. Бу даврда Атойи, Саккокий, Лутфий, Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Гулханий, Муқимий ва бошқа кўплаб алломалар ижод қилишган ва эски ўзбек тилининг ривожига катта ҳисса қўшганлар.
XIX асрнинг иккинчи ярмидан, яъни “Туркистон вилояти газети” нашр қилина бошлаган вақтдан (1870 йилдан) эътиборан то ҳозирги кунга қадар ишлатилиб келинаётган тил ҳозирги ўзбек адабий тили деб юритилади.
Ўзбек тили XI асрдан бошлаб мустақил тил сифатида шакллана бошлади ва унинг шаклланиш жараёнида ҳазрат Навоий асарларининг ҳиссаси беқиёсдир.
Маълумки, ўзбек тилининг илдизлари узоқ мозийга бориб тақалади. Бу ҳақда жуда кўп ёзиш мумкин. Шундай экан ўзбек тилининг тарихи билан бир қаторда, унинг бугуни ва келажаги ҳақидаги мулоҳазаларни ҳам келтириб ўтиш ўринлидир.
Ўзбек тили ва миллати XX аср, яъни Совет даврида ўз тарихидаги энг қийин даврлардан бирини бошидан кечирди. Туркий тил ривожи, бу тилда яратилган адабиётларни кўпайтириш, дунёвий билимларни ўрганиш, эътиқод эркинлиги учун курашган миллат зиёлиларига нисбатан аёвсиз қатағон уюштириб келинди. Шундай бўлсада тарих тилини, динини, ўзлигини унутмаган миллатни енгиб бўлмаслигини яна бир бор исботлади. Бир асрдан ортиқ давом этган курашлар натижасида 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисидаги қонуни қабул қилиниб, Ўзбек тилига – Давлат тили мақоми берилди. Ўзбек тилида яна янгидан-янги асарлар яратила бошланди, совет даврида йўқ қилиб юборилган ижод намуналари қайта тиқланиб, ўзбек тилида нашр қилина бошланди, энг муҳими миллат ўз она тилида эркин сўзлаша бошлади. Бу том маънода халқимизнинг асрий орзу-интилишларининг рўёби эди.
Мустақиллик йилларида ўзбек тили бирмунча ривожланганига қарамай сўнги йилларда унинг мавқеи ҳавас қилгулик даражада эмасди. Халқимиз орасида хорижий тилларда сўзлашиш урфга кириб, она тилимизга этибор сусайишни бошлади. Шундан сўнг шахсан Давлатимиз раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан ўзбек тилини ривожлантиришга, уни жаҳон тиллари қаторига кўтаришга катта эътибор қаратила бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ўзбек тили байрами кунини нишонлаш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 сентябрда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясияда илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлаши бу борадаги улкан қадамлардан бири бўлди дейиш мумкин. Зеро ўз тилини яхши биладиган, уни севиб ардоқлаган, ривожлантирган миллат ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди.
Foydali havolalar