«Ўзмелиомашлизинг» ДУК ва «Guangxi LiuGong Machinery» (ХХР) компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик янада ривожланмоқда
2020-11-16 00:00:00
Жорий йилнинг 11 ноябр куни «Ўзмелиомашлизинг» давлат унитар корхонаси раҳбарияти ҳамда «Guangxi LiuGong Machinery» (ХХР) компаниясининг Сотиш бўйича директори Алекс Ли, сотиш бўйича директор ёрдамчиси Чангжианг Ли ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда «Guangxi LiuGong Machinery» компанияси билан ҳамкорлик алоқалари 12 йилдан бери давом этиб келаётганлиги, корхоналар ўртасидаги биринчи шартнома 2008 йилда имзолангани алоҳида таъкидлаб ўтилди. «Guangxi LiuGong Machinery» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган техникаларнинг ҳар томонлама қулай ва сифатли эканлиги, республикамизнинг барча ҳудудларида барқарор ишлай олиши ва мелиорация ишларини бажариш учун қулай эканлиги билан ажралиб туриши эътироф этилди.
Томонлар «Люгонг» компаниясининг бутун техника парки учун сервис станциясини ташкил этиш ҳамда эҳтиёт қисмлар нархларининг оммабоплигини таъминлаш ва турини кенгайтириш зарурлиги ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек, «Ўзмелиомашлизинг» ДУК ҳузуридаги “Мелиомашлизингсервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳамда уларга асл эҳтиёт қисмлар, узеллар ва компонентларни тақдим этиш, узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаши ҳамда янги босқичга кўтариши қайд этилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг 2021 йил учун кейинги режалари ва мақсадлари тўғрисида келишиб олишди.
Ахборот хизмати
Foydali havolalar