ҲАЛҚАРО ТАЖРИБА ЎРГАНИЛМОҚДА
2022-12-02 00:00:00
“Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ихтисослашган сув хўжалиги ташкилотларини замонавий ирригация ва мелиорация объектлари билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиз лизинг бозорида юқори сифатли мелиоратив техникалар, механизация воситалари билан иштирок этиб келмоқда.
Соҳадаги ишларни тизимли давом эттириш, ҳалол рақобат асосида ривожланиб бораётган лизинг бозорининг доимий иштирокчиси бўлиш, шубҳасиз, янги билимларни эгаллаш ва хорижий компаниялар тажрибаларини ўрганиб боришни тақозо қилади.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 21-30 ноябр кунлари корхона раҳбари лизинг корхоналари ходимлари учун European Institute of Applied Science and management томонидан Чехия Республикаси, Прага шаҳрида ташкил этилган ўқув-амалий семинарда иштирок этди. Семинар иштирокчилари нафақат Европа лизинг бозори бўйича малака ошириш, шунингдек, лизингга оид қонунчилик, замонавий лизинг компанияларига қўйилаётган талаблар ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида ўзаро тажриба ҳам алишмоқдалар.
Ўқиш жараёнларида назария ва амалиётнинг ўзаро уйғунликда олиб борилиши иштирокчиларга семинар–тренинг давомида олинган янги билимларни бевосита амалиётга тадбиқ этиш имкониятини беради.
Семинарда Skoda компаниясининг сотув бўйича собиқ топ менежери Jiri Bohacek Чехия Республикаси лизинг бозори ҳақида кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Ўқув-амалий семинар доирасида Чехия Республикаси Марказий банкига ташриф буюрилди. Бу ерда иштирокчилар мамлакат банк-молия бозорида амалга оширилаётган ишлар, унинг тарихи, келажак режалар бўйича маълумотлар олиш билан бир қаторда, банкнинг етакчи мутахассислари билан ўзаро фикр алмашиш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, иштирокчилар мамлакатдаги етакчи лизинг корхоналаридан бири бўлган CSOB Leasing компанияси фаолияти билан бевосита танишиш мақсадида ташкилот офисига ташриф буюрдилар.
Чехия ҳамда Ўзбекистон лизинг ташкилотлари ўртасидаги ўхшашликлар, фарқлар, лизинг фоизлари, муддатлари, тартиблари бўйича мулоқот қилинди. “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси раҳбари Б.Бегматов ҳамда CSOB Leasing менежери Sergej Vlaciha ўзаро ҳамкорлик қилиш, тажриба ўртоқлашиб туриш бўйича музокара ўтказдилар.
Foydali havolalar