“Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонасида зилзила ва унинг оқибатларига оид амалий ўқув машғулоти ташкил этилди
2023-05-05 00:00:00
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-144-сон Фармони билан сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ислоҳотларнинг аниқ манзиллигини таъминлаш, соҳаларга рақамли технологияларни кенг жорий этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.
Ушбу Фармоннинг 2 иловаси – Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш консепциясини 2022-2023 йилларда амалга ошириш “Йўл харитаси”нинг 10.2 бандига асосан ташкилотларда тегишли соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда зилзила ва унинг оқибатларига оид кўргазмали ўқув-услубий воситалар ёрдамида амалий ўқув машғулотларини ташкил этиш вазифаси юкланган.
Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 4 май санасида “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонасида амалий ўқув машғулотлари ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ғ.О.Мавлонов номидаги Сейсмология институти катта илмий ходими геология-минералогия фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукуров Зухриддин Фазлиддинович амалий ўқув машғулотларини ўтди. Учрашувда корхонанинг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди. Даставвал мутахассис сейсмология фани ва унинг асосий вазифалари, шунингдек, сейсмик хавфсизлик соҳасида қабул қилинган ПФ-144-сон Фармоннинг мазмун ва моҳияти тўғрисида иштирокчиларга маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг тақдимот материалларидан фойдаланган ҳолда зилзиладан сақланишнинг асосий усуллари тўғрисида амалий машғулотлар бўлиб ўтди.
Мутахассис зилзила натижасида бино ва иншоотларнинг шикастланиш даражаси зилзила кучига, эпицентргача бўлган масофага, ҳудудларнинг инженер-геологик шароитига боғлиқ бўлса, қурбонлар сони эса кўп ҳолларда одамларнинг зилзилага тайёргарлик даражасига боғлиқ эканлиги, энг муҳими ваҳимага тушмаслик кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, зилзила содир бўлган вақтда бинонинг қаерида туришингиз ва нималар қилишингиз лозимлиги кўрсатиб берилди. Масалан, бир қаватли бинода бўлсангиз хавфларни ҳисобга олган ҳолда бинони тарк этиш, икки ва ундан кўп қаватли бинода эса хотиржамликни сақлаган ҳолда зилзилани ўтишини кутиш, бино ичидан хавфсиз жойга жойлашиш мақсадга мувофиқлиги, зиналар ва лифтлардан фойдаланмаслик, бинолар ичидаги оғир буюмлар ва ойналардан узоқроқда туриш ҳамда уларнинг хавфлари тўғрисида маълумот берилди.
Шу билан бирга тақдимот материаллари ёрдамида зилзиладан сўнг қилиниши лозим бўлган ишлар тўғрисида маълумот берилди, суратлар намойиш қилинди.
Ҳар ким осойишталикни сақлаган ҳолда, энг аввало зилзиладан жабр кўрганларга тез ёрдам кўрсатиши, қаттиқ қурққан, карахт ҳолатга тушиб қолган одамларни тинчлантириши, ёнғин хавфини бартараф этиши, зилзила зарарларини аниқлаши ва уларни бартараф этиш ишларини бошлаши кераклиги айтилди. Газ, сув трубаларини, электр симларини диққат билан текшириб чиқиш, ҳамма авария ҳолатлари ҳақида керакли газ, сув, электр тармоқлари хизматига хабар қилиш лозимлиги таъкидланди.
Машғулот сўнгида ходимларга сейсмик хавфни баҳолаш ва районлаштириш услублари тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва Ғ.О.Мавлонов номидаги Сейсмология институти ҳамкорлигида тайёрланган видео, фото материаллар тақдим қилинди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишга муваффақ бўлдилар.
Foydali havolalar