Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир!
2025-03-18 00:00:00
“Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади”,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
Жорий йилнинг 18 март куни “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонасида 5 март куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишдаги фикр ва мулоҳазалари, шунингдек, ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш юзасидан йиғилиш ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур йиғилишда Бош Прокуратура Бошқарма катта прокурори А.Адхамов иштирок этиб, “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси ходимларини юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, коррупцияга қарши кураш бўйича яратилган аниқ тизим ва қонунчилик ҳужжатлари билан яқиндан таништирди.
Йиғилишда ушбу муҳокамалардан ҳар бир давлат хизматчиси ўзи учун хулоса қилиши кераклиги, президентимиз таъкидлаганларидек коррупцияга қарши курашда фақатгина давлатнинг сай-ҳаракатлари билан кутилган натижага эришиб бўлмаслиги, бу иллатга қарши курашиш учун бутун жамиятимиз бир бўлиб, фидойилик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши лозимлиги яна бир бор таъкидланди.
Бундан ташқари, йиғилиш доирасида коррупция ҳолати юзасидан олиб борилган таҳлиллар тақдим этилиб, давлат ташкилотларида аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва уларни олдини олиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, фуқаролар орасида коррупцияга қарши муросасизлик кайфиятини шакллантириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва давлат бошқарувида ошкораликни таъминлаш устувор вазифа эканлигига этибор қаратилди.
Йиғилишда корхона юридик бўлим бошлиғи М.Махаммаджонов ҳам сўзга чиқиб бундай тадбирларнинг доимий равишда ташкил этилиши коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш ҳамда таълим ва тарғибот ишларини кучайтириш, фуқароларни коррупцион ҳолатлар ҳақида хабар беришга рағбатлантириш муҳим аҳамитга эга эканлигига эътибор қаратди.
Йиғилиш сўнгида ушбу иллат мени четлаб ўтади дея, бефарқ бўлмаслик лозимлиги, ҳар бир ходим ўз хизмат вазифасига виждонан, масъулият билан ёндашмоғи кераклиги ва мамлакатимизда қонун устувор, жазо эса муқаррар эканлиги таъкидланди. Зеро, коррупциясиз келажак сари қадам ташлаш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Ўзмелиомашлизинг ДУК
Матбуот хизмати
Foydali havolalar