Байрамингиз муборак азиз аёллар!

2020-10-15 00:00:00

Қишлоқ аёли... Ҳар гал ушбу сўзни талаффуз қилганимизда кўз олдимизда ёзнинг жазирама иссиғию, қишнинг қаҳратон совуғида тандирга ўт ёқиб нон ёпаётган, тунлари бедор бешикдаги боласига алла айтиб, эрта тонгда пахта даласига шошаётган,  сигир соғишу кир ювишдан чарчамайдиган, қадоқ қўллари ила кетмон ушлаганча кун ботишини далаларда кутиб оладиган ўзбек аёли сиймоси гавдаланаверади.   
Бир пайтлар уй-рўзғор юмушларидан қўли ортмаган аёлларимиз бугун барча соҳаларда эркаклар билан тенг меҳнат қилишмоқда.  Кечагина колхоз ерларида кетмон чопаётган қишлоқ аёллари бугун фермер хўжаликлари, кластерлар раҳбари бўлди. Дунё давлатлари миқёсида қишлоқ хўжалигида банд бўлган аёлларга нисбатан муносабат ўзгариб, озиқ-овқат хавфсизлиги, энг чекка ҳудудлар ободлиги ва ривожланишида қишлоқ аёлларининг салмоқли иштироки муносиб эътироф этилмоқда. Буни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги 62/136-сонли йиғилишида 15 октябр – “Халқаро қишлоқ аёллари куни” деб расман эълон қилинганидан ҳам кўришимиз мумкин.
    Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида банд бўлган аҳолининг 43.3 фоизини хотин - қизлар ташкил қилиб, соҳанинг турли тармоқларида самарали меҳнат қилиб келмоқдалар. Муҳтарама аёлларимизнинг республикамиз ижтимоий ва иқтисодий юксалишидаги салмоқли улушига шахсан Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан юксак баҳо берилиб, 2019 йил 15 октябр мамлакатимизда илк бор “Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида кенг нишонланди.    
    Жорий йилда ҳам юртимизда “Халқаро қишлоқ аёллари куни”ни муносиб нишонлаш, хотин - қизларнинг халқимиз олдидаги юксак меҳнатларини эътироф этиш, қишлоқ аёлларини моддий ва маънаий жиҳатдан рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда қишлоқ аёлларини байрам билан муборакбод этиш, замонамиз қаҳрамонларининг барчага ўрнак бўла оладиган ҳаёт йўлларини кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали очерклар, лавҳалар тайёрланмоқда.
 “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси жамоаси ҳам ушбу байрам муносабати билан бир гуруҳ қишлоқ аёлларини рағбатлантириш мақсадида Тошкент вилоятининг Тошкент туманида бўлишди.
Қаҳрамонларимиз “Саодат мурувват” фермер хўжалиги раҳбари Саодат Меҳмонова, “Сардор яшил далалари” фермер хўжалиги раҳбари Нигора Тожибоева ва “Ражаббой файз мурувват” фермер хўжалиги раҳбари Дилрабо Холбоевалар бизни дала бошида очиқ чеҳра билан кутиб олдилар. Фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, Корхонамиз раҳбари Б.Бегматов қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган муҳтарама аёлларимизнинг республикамиз ижтимоий ва иқтисодий равнақига қўшаётган ҳиссаси улкан эканлигини эътироф этиш баробарида уларга ўзининг самимий тилакларини билдириб ўтди. Фурсатдан фойдаланиб “Саодат мурувват” фермер хўжалиги раҳбари Саодат опа Меҳмонова билан ҳамсуҳбат бўлдик. Олти фарзанднинг онаси, ўн бешта набиранинг бувиси бўлган қаҳрамонимиз кўп йиллардан бери фермер хўжалигини бошқариб келмоқдалар.
21 гектар ерим бор. 10 гектарига ғалла қолганига эса сабзавот экинлари экдик, - дейди суҳбатдошимиз. Фермерлик аёл киши учун қийин эмасми, деб берган саволимизга Саодат опа – Ука бизнинг деҳқончиликда суягимиз қотган. Мана шу ер орқасидан фарзандларимни ўқитдим, уйли - жойли қилдим. Албатта барча касбда бўлгани каби ўзига яраша қийинчиликлари бор, аммо юртбошимизнинг қишлоқ аёлларига кўрсатаётган эътиборларини, етиштирган маҳсулотларимизнинг халқимиз дастурхонини безаб турганини кўрганимизда қилган меҳнатимиз зое кетмаганидан қувонамиз.
Тадбир сўнгида қаҳрамонларимизни яна бир бор байрам билан муборакбод этиб, уларга “Ўзмелиомашлизинг” ДУК жамоаси номидан эсдалик совғалари топширилди.