ЭГИЛУВЧАН ҚУВУРЛАРНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?
2019-09-20 00:00:00
Дунёнинг кўпгина қисмида, қолаверса, минтақамизда, жумладан, мамлакатимизда ҳам сув ресурсларига бўлган талаб ортаётганлиги билан бирга, сувнинг тақчиллиги ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. Сув тақчиллигини, айниқса, дарёларнинг қуйи қисмида ҳамда канал ва бошқа сув манбаларидан узоқда жойлашган истеъмолчилар чуқур ҳис этмоқдалар.
Республикамизда сувдан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича кейинги йилларда кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ҳар йили каналлар ва ариқлар тозаланиб, бир неча юз километр гидротехник иншоотлар ва бошқа кўпгина объектлар реконструкция қилинмоқда ва қурилмоқда.
Шу билан биргаликда қишлоқ хўжалигида сувни кўп талаб қилувчи экинлар қисқартирилиб, уларнинг ўрнига бошоқли дон, сабзавот-полиз экинлари ва боғ-узумзорлар майдони кенгайтирилмоқда. Шунингдек, экин майдонларини суғоришга кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш, эгатларга плёнка тортиш ҳамда томчилатиб суғориш каби сувни тежовчи технологиялар жорий қилинмоқда
2018 йил мавсумида сув ҳажмининг ҳар йилгига нисбатан кам бўлганлиги ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни жадаллаштириб юборди. Экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш ва сув танқислиги салбий оқибатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тезкор чоралар кўрилиб, 2018 йилнинг 2 февралида “2018 йил мавсумида экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш ва сув танқислиги салбий оқибатларининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 74-сонли қарор қабул қилинди.
Қарор асосида чора тадбирлар режалари ишлаб чиқилиб, қатор вазирлик ва идораларга сув танқислиги салбий оқибатларининг олдини олиш юзасидан топшириқлар берилди. Жумладан, “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонасига ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган манзилли дастурга асосан тегишли фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга кўчма эгилувчан қувурлар комлектини лизинг асосида етказиб бериш вазифаси юкланди.
Тасдиқланган манзилли дастурга асосан “Ўзмелиомашлизинг” ДУК га тегишли фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга жами 1818 дона кўчма эгилувчан қувурлар комлектини лизинг асосида етказиб бериш назарда тутилган бўлсада, корхона томонидан умумий қиймати 5 млрд 512 млн сўм бўлган жами 2250 дан ортиқ кўчма эгилувчан қувурлар комлекти лизинг асосида етказиб берилди.
“Жиззахпластмасса” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилган мазкур кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш ирригация ва мелиорация тизимида ананавий суғоришга қараганда бир қатор афзалликларга эга эканлиги яққол намоён бўлди.
Кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш далаларнинг бир хилда суғорилиб, ғўзанинг тўйиб сув ичишини таъминлаш имконини берди. Шунингдек, экин майдонларини бу усулда суғориш ортиқча меҳнат сарфини тежаши маълум бўлди. Эгилувчан қувурлар фермерларни ўқариқ олишдан халос этди. Бундан ташқари кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида сувнинг то суғориш тугагунча бир хил босимда бўлиши, бирор қаторга сув бормай қолиши, ёки бўлмасам кўп бориб, ғўзани ювиб кетишининг олди олади.
Кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланаётган фермерларга кўра, 5 гектар ерни ананавий усулда суғориш учун 300 кубметр сув ва 3 кун муддат кетган бўлса, эгилувчан қувур ёрдамида 80-100 кубметр сув билан бир ярим кунда суғориш мумкин бўлмоқда.
Ҳам вақт, ҳам сув, ҳам инсон меҳнати тежалмоқда.
“Ўзмелиомашлизинг” ДУК
Ахборот хизмати
Foydali havolalar