Лизинг соҳасида халқаро ҳамкорлик янада ривожланмоқда
2019-12-12 00:00:00
Жорий йилнинг 20-23 ноябрь кунлари Лючжоу шаҳрида (ХХР) «Люгонг» компанияси (ХХР) билан ҳамкорлик бўйича халқаро форум бўлиб ўтди.
Мазкур форум доирасида “Синошур” суғурта компанияси билан хорижий сармояларни жалб қилиш имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилди. Хусусан, «Ўзмелиомашлизинг» ДУКнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли акциядорлик жамиятига айлантирилган тақдирда «Люгонг» компанияси билан сармоявий ва бошқа ҳамкорлик шаклларини янада кенгайтириш имконияти юзага келиши қайд этилди.
Шунингдек, «Люгонг» компанияси вице-президенти Луо Гуобинг билан учрашув ўтказилди. Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва келгусида Хитой банклари капитали иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
«Люгонг» компанияси қурилиш техникаси кўргазма майдончасини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Унда техниканинг янги турлари, жумладан экскаваторларнинг инновацион моделлари намойиш этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар қурилиш техникасини кўздан кечириб, Чанчжоу шаҳридаги (ХХР) мини-экскаваторлар, бульдозер ва карьер самосвалларини йиғиш заводига ташриф буюрди. Улар заводнинг ишлаб чиқариш майдончаларида ҳам бўлиб, йиғиш, кесиш, таркибий қисмларни ўрнатиш ва бошқа жараёнлар билан танишди.
Юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш доирасида, шунингдек “Узмелиомашлизинг” давлат унитар корхонасининг сармоявий салоҳиятини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур учрашув келгусида хорижий сармояларни жалб қилиш ва Хитой компаниялари билан самарали ҳамкорликни кенгайтириш учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган.
“Ўзмелиомашлизинг” ДУК
Ахборот хизмати
Foydali havolalar