Ёшлар билан учрашув
2020-02-14 00:00:00
Мамлакатимизда сўнги йилларда ёш авлодга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори поғонага кўтарилди. Давлатимиз раҳбари юқори минбарлардан туриб бир неча бор таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшлар ўртасида спорт, маданиятни ривожлантириш, мактабларда устоз ва мураббийларнинг обрўсини ошириш масалаларига тўхталиб ўтдилар. Мазкур чақириққа асосан умумтаълим мактабларида ўқувчилар ва ижро органлари раҳбарлари, салоҳиятли тадбиркорлар, нуроний ва кексалар ҳамда диний уламолар ўртасида учрашувлар ташкил қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ҳузурида 2019 йил 23 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёни ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил давомида ҳудудлар, секторлар, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг мактабларни оталиққа олиш рўйхати ва ушбу раҳбарларнинг мактабларга ташриф буюриш режа-жадваллари ишлаб чиқилди.
Мазкур режа-жадвалга мувофиқ, жорий йилнинг 11 феврал куни “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси Ижро этувчи директори в.б. Б.Бегматов пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан учрашди.
Учрашув аввалида Б.Бегматов ўқувчиларни “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси фаолияти билан қисқача таништирди. Шундан сўнг корхона раҳбари ўқувчиларнинг келажакдаги режалари билан қизиқди. Уларга бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, таълим, спорт, маданият соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшларга бизнес режа тузиш, имтиёзли кредитлар олиш ва бизнесни бошқариш сирлари тўғрисида маълумотлар берилди.
Шунингдек, мулоқот давомида таълимнинг инсон ҳаётида тутган ўрни бўйича ҳаётий мисоллар келтирилди. Б.Бегматов ўқувчиларга жаҳон меҳнат бозорида талаб ошиб бораётган касблар тўғрисида маълумот бераркан инсон ёшлигидан ўз олдига аниқ мақсад қўйиши лозимлиги ва ҳар қандай муваффақиятсизлик шароитида ҳам ушбу мақсадидан воз кечмаслик кераклиги, тинимсиз меҳнат албатта ўз мевасини беришини таъкидлади.
Учрашув сўнгида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва бундай учрашувлар ёшлар учун мотивация бўлаётганлигини этироф этдилар.
“Ўзмелиомашлизинг” ДУК
Ахборот хизмати
Foydali havolalar